2018 йил 18 январь куни маҳаллий вақт билан соат 10:30 да Қозоғистон Республикаси Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида “Самара-Чимкент” автомобиль йўлининг  1068-километрида, Калибай аҳоли пунктидан 10 км узоқликда “Икарус” русумли йўловчи автобуси ҳаракатланиш чоғида ёниб кетган.

Автобус салонида 55 нафар йўловчи ва 2 нафар ҳайдовчи бор бўлиб (дастлабки маълумотларга қараганда Ўзбекистон фуқаролари), улардан 5 кишига Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитанинг Ҳалокатларда тиббий ёрдам кўрсатиш маркази томонидан тиббий ёрдам берилган, қолган 52 киши воқеа жойида вафот этган. Содир бўлган воқеанинг сабабларини ўрганиш ва жабрланганлар ҳамда уларнинг оилаларига ҳартомонлама кўмак кўрсатиш учун Қозоғистонда махсус ҳукумат идоралараро комиссияси тузилди.

Шу муносабат билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур фожиада вафот этган ҳамюртларимизнинг оила аъзоларига чуқур таъзия билдиради. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан чет элда меҳнат қилишнинг қонуний асослари ва йўллари юзасидан фуқаролар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилиб, биринчи навбатда, аҳолини хабардор қилиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун чет элга ноқонуний чиқишнинг салбий оқибатлари бўйича назарий ва амалий ёндашувлар таҳлилига асосланган зарур кўрсатма ва тавсиялар берилиб, аниқ мисоллар асосида тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилади.

Афсуски, турли фожиалардан омон қолишни ҳеч ким ва ҳеч нарса кафолатламайди. Қозоғистонда рўй берган фожиа сабабли Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги яна бир бор чет элларда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларимизни фақат қонуний йўллар орқали, мазкур соҳадаги мутасадди вазирлик ва идоралар кўмагида хорижга чиқишга чақиради.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати