Маълумки, аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг меҳнат фаолиятлари билан боғлиқ жараёнларни тартибга солиш ва янада  такомиллаштириш, кафолатланган меҳнат ҳуқуқлари тизимини мустаҳкамлаш бўйича бугун давлат сиёсати даражасида самарали ислоҳотлар олиб борилмоқда. Биргина жорий йилнинг июль ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (05.07.2018) ва “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (14.07.2018) қарорлари меҳнат фаолиятига қаратилаётган жиддий эътибордан далолатдир.

Матбуот анжуманидан кўзланган асосий мақсад ҳам меҳнат тармоқлари, хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилаётган, истиқболли режалар дастурига киритилган ҳамда ўз ечимини кутаётган қатор масалалар борасида “тўртинчи ҳокимият” ҳисобланган ОАВ вакиллари билан очиқ ва шаффоф мулоқотни ташкиллаштириб, мавжуд ютуқ ва камчиликларни сарҳисоб қилишдан иборат.

Матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштиришни ташкил қилиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қўчқоров, Давлат меҳнат шароитларини экспертиза ва муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Қудратулло Одинаев аҳоли бандлиги, мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тўхталиб ўтишди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2018 йил январь-июль ойларида 200 та туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат этган 381,7 минг нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Бандлиги таъминланганлардан 140,2 минг нафари доимий ишларга ҳамда 241,5 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Ҳисобот даврида иш қидираётган фуқаролар учун мақбул келадиган ишни қидириш муддатини қисқартириш мақсадида 966 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, уларда 45,4 мингга яқин иш берувчилар ва қарийб 156,1 мингдан ортиқ иш қидираётган фуқаролар иштирок этишди. Ярмаркалар натижасига кўра 54,9 минг нафар шахс ишга йўлланма олди, 40,4 минг нафари билан ишга жойлашиш бўйича шартномалар тузилди, 85,1 минг нафар фаол иш қидираётганларга меҳнат, бандлик ва ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар берилди.

Меҳнат бозорида аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож тоифалари бандлигини таъминлаш учун маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда, банд қилинган (квота) иш ўринларига 32,3 минг нафар фуқаролар жойлаштирилди. Жумладан, 6,3 минг нафар ёлғиз ота-оналарга, 19,6 минг нафар таълим муассасалари битирувчилари, 993 нафар муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар, 988 нафар ногиронлар, 1,3 минг нафар пенсия ёшига яқинлашиб қолганлар, 1,3 минг нафар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлар ва 1,8 минг нафардан ортиқ бошқа тоифадагилар ишга жойлаштирилди.

Ишсизларнинг меҳнат бозоридаги рақобатга бардошлилигини кучайтириш ва иш билан таъминлаш мақсадида 10,4 мингдан ортиқ ишсиз фуқаро тикувчилик, тўқувчилик, электрик, пайвандчилик, бўёқчилик, сувоқчилик, компьютер техникаси оператори ва бошқа шу каби меҳнат бозорида талаб қилинаётган касблар бўйича ўқитилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “2018 йилда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3506-сон Қарори билан тасдиқланган дастурнинг йўналишлари бўйича иш ўринлари яратилди.

Хусусан, иқтисодиёт тармоқларида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва фаолиятини кенгайтириш воситасида иш ўринларини ташкил этиш орқали 64,9 мингта иш ўрни яратилган. Бу иш ўринларининг  37,2 мингтаси саноатда, 15,3 мингтаси хизмат кўрсатиш ва сервисда, 12,4 мингтаси қишлоқ хўжалигида, шунингдек, интенсив боғ ва иссиқхоналарда ташкил этилди.

Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар, кўп қаватли турар-жойлар ва йўл-муҳандислик инфратузилма қурилиши ҳисобига 24,8 мингта иш ўринлари яратилган.

Ижтимоий соҳа инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобига 5,8 мингта иш ўрни ташкил этилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 74,2 мингта иш ўринлари ташкил этилди, шу жумладан, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали 19,4 минг кишининг бандлиги таъминланган.

Статистик маълумотларга кўра, Республика бўйича банд бўлган 13 млн.191 минг аҳоли сонидан 636 мингдан зиёди ноқулай меҳнат шароитларида ишлаб келмоқдалар, шулардан 419.3 минг киши ишлаб чиқариш саноатида, 113.3 минг киши транспорт соҳасида, 68.8 минг киши қурилиш соҳасида, 34.8 минг киши алоқа соҳасида меҳнат қилмоқда.

Нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида жорий йилнинг биринчи чораги давомида вазирликнинг худудлардаги 101 нафар Давлат меҳнат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари  томонидан 1062 та ҳудудга чиқилиб, 493 та семинар ташкил қилинди ва бу семинарларда 9425 нафар корхона ва ташкилотларнинг ходимлари иштирок этишди, бундан ташқари, 372 марта оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарорига биноан  фуқароларнинг меҳнат муҳофазаси янада кучайтирилмоқда. Ҳисобот даврида 40 дан ортиқ мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланган ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Матбуот анжумани давомида шу каби масалалар юзасидан ОАВ вакиллари билан савол-жавоблар ўтказилди.

 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати