Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари бўйича ижтимоий тармоқларда август ойида тарқалган хабарлар ва бошқа маълумотлар юзасидан тезкор суриштирув ишларини олиб борди ва аниқланган вазиятлар бўйича қуйидаги чора-тадбирлар кўрилди:

1. Қашқадарё вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси томонидан 2018 йил 15 августда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги 1-сонли Стоматология ДУК бош шифокори А.Т.Раҳматовнинг 
4 нафар ҳамширани ташкилот ҳудудида мажбурий меҳнатга жалб қилгани аниқланди ва белгиланган қонун меъёрларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик тўғрисида 36-сон Баённома тузилиб, А.Т.Раҳматов энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдорида маъмурий жаримага тортилди.

2. 2018 йил 14 август куни телеграм ижтимоий тармоғидаги “Сиздан Телеграм” каналида Боғдод туманидаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақида хабар эълон қилинган эди. Вазиятга зудлик билан Фарғона вилояти Бандлик бош бошқармаси масъул ходимлари ойдинлик киритишди. Маълум бўлишича, 51-сонли мактаб 2018 йил реконструкция қилиш дастурига тушган, бироқ қурилишга ажратилган харажатлар сметасида ошхона ва кутубхона назарда тутилмаган. Шу боис, мактабнинг эски биносидан чиққан яроқли хом-ашёлар ёрдамида ошхона ва кутубхона биносини қуриш туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан олиб борилган.

  

Хусусан, эски бинодаги яроқли ғиштларни ажратиш учун ёрдам беришга жамоатчилик асосида ишловчи аёллар жалб қилиниб, уларга иш ҳақлари тўланган. Қурилиш ишларида мактаб ўқитувчиларининг қатнашган-қатнашмаганлигини аниқлаш учун 2018 йил 15 августда аноним сўровнома ўтказилди ва сўровномада мактабда ишловчи 39 нафар ходимдан 32 нафари қатнашди. Сўровнома натижасига кўра, қурилиш ишларига ўқитувчиларнинг жалб қилинмагани маълум бўлди. Бу маълумотни Боғдод тумани “Бекобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, 51-сонли мактаб директори, жамоатчилик асосида ишлаган аёллар ва ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам оғзаки ва ёзма тарзда тасдиқлашди. Текширув натижаларига биноан, ижтимоий тармоқда тарқалган маълумот ўз тасдиғини топмади ва қонун бузилиши ҳолатлари аниқланмади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистонда ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтади.

 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати