Матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнат бўйича учинчи томон мониторинги” лойиҳаси техник маслаҳатчилари Оксана Липкану ва Йонас Аструп, “Америка овози” ахборот портали журналисти Навбаҳор Имомова ҳамда Кун.уз, Хабар.уз, ЎзА, Анҳор.уз, “Ўзбекистон 24”, Узрепорт каби ўнлаб ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Анжуман аввалида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев мажбурий меҳнатга қарши юртимизда бугун сезиларли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу борада мустаҳкам қонун меъёрлари ўрнатилгани ва халқаро ташкилотлар билан очиқ мезонларга асосланган самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ишга туширилган @mehnathuquqbot телеграм тармоғининг ишлаш механизмини анжуман иштирокчиларига амалий кўрсатиб берди. Шунингдек, кутилаётган пахта мавсумида фуқароларни мажбурий тарзда пахта далаларига жалб қилишга асло йўл қўйилмаслиги, пахта йиғим-терими бу йилдан бошлаб фақат иқтисодий манфаатдорлик тамойили асосида ўтказилишига урғу бериб ўтди.

Шундан сўнг, ОАВ вакиллари мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун қўлланиладиган жазо тартиби, пахта мавсумида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, вазирлик томонидан ишга туширилган ишонч тармоқларининг самарадорлиги билан боғлиқ мавзуга оид долзарб саволлар билан мурожаат қилишди. Матбуот анжуманида кўтарилган ушбу масалалар юзасидан вазир Шерзод Кудбиев томонидан аниқ ва тегишли жавоблар берилди.

Матбуот анжумани якунида Халқаро меҳнат ташкилоти вакили Йонус Аструп юртимизда мажбурий меҳнатга қарши бугунги кунда олиб борилаётган сезиларли саъй-ҳаракатлар, бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилаётган салмоқли ишларни эътироф этди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати