Бугун Кванджу шаҳрида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Кванджу шаҳар ҳокими Ли Ёнг Суп, вазир Шерзод Кудбиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳамда Корея Республикасидаги ўзбекистонлик ёшлар иштирок этишди.

Тадбирни тарихий воқелик сифатида баҳолаш мумкин, чунки мазкур ваколатхона Агентликнинг хорижда ташкил этилган дастлабки қароргоҳидир. Ушбу ваколатхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг хорижий ваколатхоналарини очиш тўғрисида”ги 3743-сонли қарорига мувофиқ очилди. Маросим аввалида Шерзод Кудбиев у ерга йиғилган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди.

Учрашув давомида вазир Шерзод Кудбиев ёшлар томонидан берилган турли масалалардаги саволларга тегишлича жавоб қайтарди. Шунингдек, вазир тадбир қатнашчиларига ушбу ваколатхона зиммасида улкан вазифалар турганлиги, бу вазифалар, биринчи навбатда, Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни доимо қўллаб-қувватлашдан иборатлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Вазир билан учрашган ёшлар орасида кўплаб иш изловчилар ҳам бўлиб, шу ернинг ўзида уларга амалий ёрдам кўрсатилиб, керакли таклиф ва маслаҳатлар берилди.

Ўзбекистон делегациясининг Корея Республикасига ташрифи давом этмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати