Бугун 14 сентябрь Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг янги таъмирдан чиққан биносида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг тайёрлов ўқув курси ўз фаолиятини бошлади.

Шу муносабат билан Бекобод шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ҳамда вазирликнинг бошқа масъул вакиллари ташриф буюришди. Ташриф давомида марказда яратилган шароитлар кўздан кечирилди ва фуқаролар бандлигини таъминлашда ушбу марказнинг ишончли орган бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди.

Мазкур ўқув марказида Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари тайёрлов ўқув курсларидан ўтишади.

Ўқув марказида жами 45 та ўринга мўлжалланган учта ўқув хонаси, битта ўқитувчилар хонаси ва битта сервер хонаси мавжуд бўлиб, улар замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Агентликнинг филиали томонидан ўқув курсини тамомлаган фуқаролар рўйхати “Чет элларда ишлаш истагида бўлган фуқароларнинг электрон базаси”га киритиб борилади ва иш берувчилар томонидан ўтказилиши режалаштирилган танловларга жалб этилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати