Аниқланишича, Самарқанд шаҳридаги “Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази” томонидан Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги иш берувчи “Евроосиё Меҳнат ресурслари” МЧЖ орқали ҳақиқатан 23 нафар Ўзбекистон фуқароси, шу жумладан, мақолада номлари келтирилган Аббос Ибодуллаев ва Ғанижон Икромов Россия давлатига ишга юборилган.

Мақолада асосий урғу берилган масала, бу фуқароларнинг қонуний йўл билан Россияга ишлаш учун кетганига қарамай, сарсон-саргардон бўлиб, қийин аҳволда Ўзбекистонга қайтганликларидир. Хусусан, иш берувчи томонидан   

биринчидан, дастлабки шартномада кўрсатилган шартлар (кундуз 8 соатдан 3 кун, кечга 8 соатдан 3 кун иш, 3 кун дам олиш)нинг бажарилмагани;

иккинчидан, Россия Федерациясида қонуний ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома берилишининг номаълум сабабларга кўра кечиктирилгани;

учинчидан, оғир меҳнат ва оғир яшаш шароитлари туфайли айрим фуқароларнинг иш жойини тарк этиб, турли жойларда сарсон-саргардон бўлганликлари;

ниҳоят, тўртинчидан, фуқароларга етказилган ушбу моддий ва маънавий зарарни қоплаб бериш кераклиги алоҳида таъкидланиб, тегишли органлар томонидан бу вазиятга ойдинлик киритилиши айтилган.

Мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиш ҳамда вазиятни холис баҳолаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентгили бу ишга тааллуқли юридик ва жисмоний шахслар билан суҳбатлашиб, вазиятга ойдинлик киритди. Аввало, Москва шаҳрига ишлаш учун юборилган 23 нафар фуқародан иборат гуруҳга бошлиқ этиб тайинланган Багиров Ботир Мамашарифович берган маълумотларга эътиборингизни қаратсак.

Б.Багировнинг сўзларига кўра, Домадедова аэропортига етиб боришлари билан “Евроосиё Меҳнат ресурслари” МЧЖ ходимлари уларни кутиб олиб, қулай шароитларга эга автобусда патент олгунларига қадар яшаб турадиган шинам ётоқхонага етказган. У ерда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиб, келгусида қилинадиган ишлар ҳақида маълумот берилган. Бироқ гуруҳнинг айрим аъзолари рухсатнома олиш учун тўланадиган пулларни бир ҳафтага кечиктиргани боис, рухсатномалар 8 кунга кечикиб чиққан. Бу вазиятда  фуқароларнинг ўзлари айбдор бўлишига қарамай, “Евроосиё Меҳнат ресурслари” МЧЖ ўз ҳисобидан уларнинг яна 8 кунлик яшаш ва уч маҳаллик овқатланиш ҳаражатларини қоплаб берган. Рухсатномани 30.07.2018 да олган 13 нафар фуқаро иш берувчининг ёнига, Подольск шаҳрига боришган. Бироқ у ерда иш берувчи томонидан кунлик 160 рубль тўланадиган ётоқ жой фуқароларни қониқтирмагани сабаб, “Евроосиё Меҳнат ресурслари” МЧЖ ходимлари шу куннинг ўзида кунлик 220 рубль бўлган бошқа ётоқ жой билан таъминлайди. Эртаси куни иш берувчининг вакили келиб, 2540 рублдан аванс тарқатган ва иш тартибини тушунтирган. Иш жойи узоқроқ бўлгани учун уларни олиб бориб келадиган автобус ажратилган. Шуларни инобатга олиб, уларга 12 соатлик иш режими, яъни кундузи 3 кун, кечаси 3 кун ва 3 кун дам олиш таклиф этилган. Гуруҳ фақатгина 30.07.2018 дан 14.08.2018 гача меҳнат фаолиятини амалга оширган. Шу вақт оралиғида иш берувчи гуруҳдаги ҳар бир одамга 3 марта, жами 9500 рублдан аванс пули берган.

Бироқ кучли жисмоний ишларга тайёр эмаслиги, шунингдек, турар жой ва иш вақти қаноатлантирмагани боис, гуруҳ томонидан 09.08.2018 да иш берувчига шикоят хати ёзишга келишилган. “Евроосиё Меҳнат ресурслари” МЧЖ бунга оператив муносабат билдириб, уларга янги иш ўринларини таклиф этган. Таклифга кўра, иш рақамли майда техникалар цехида бўлиб,  6/1 иш куни учун 30000 рубль, нормадан ортиқ ишласа яна 5000 рубль тўланиши, иш берувчи томонидан қопланадиган 6600 рублли ётоқ жой, 2000 рубль турадиган йўл чиптасини бериш ва карьерали ўсиш имкони борлиги айтилган. Гуруҳнинг барча аъзолари мазкур ишга рози бўлишган. 15.08.2018 да “Евроосиё Меҳнат ресурслари” МЧЖ ўз ҳисобидан уларни янги иш жойларига етказиш учун транспорт билан таъминлаган. Бугунги кунда у ерда Б.Багиров қатори 10 нафарга яқин фуқароларимиз ишлаб келмоқда.

Бироқ мақолада номи келтирилган А.Ибодуллаев ва яна 10 га яқин фуқаро ишга чиқишдан бош тортган, гарчи Б.Багиров улар билан бир неча бор тушунтириш ишларини олиб борган бўлса-да, бу фойда бермаган. “Евроосиё Меҳнат ресурслари” МЧЖ ходимлари ётоқхона маъмурияти билан ишдан бош тортган фуқароларни паст нархларда жойлаштиришга келишган, аммо 22.08.2018 да А.Ибодуллаев ва унга ҳамроҳ яна бир неча одам ётоқхонада бошқаларни ҳам иш жойларини тарк этиш ва шикоятномалар ёзишга тарғиб этади. “Евроосиё Меҳнат ресурслари” МЧЖ ходимлари улар билан бу борада тушунтириш ишларини олиб боради, фуқаролар рус тилини билмаганликлари учун Б.Багиров уларга таржимонлик қилиб турганлигини билдирди.

Б.Багиров томонидан айтилган бу маълумотлар унинг шахсий имзоси билан ҳам ёзма тасдиқланган. “Евроосиё Меҳнат ресурслари” МЧЖнинг  Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига юборган расмий хатида ҳам Б.Багировнинг рухсатнома олишдаги кечикиш сабаблари, ишга борган фуқароларнинг жисмоний жиҳатдан чиниқмаганлиги ва ишлашдан бош тортишлари билан боғлиқ маълумотлари янада аниқроқ қилиб баён этилган. Йиғилган ушбу маълумотлар ва Самарқанд шаҳридаги “Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази” директори Р.Гусев билан шахсан олиб борилган суҳбат натижаларига кўра, демак,

- Россия Федерациясида ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома олишнинг кечикиши, мақолада таъкидланганидек, номаълум сабаблар билан эмас, балки айрим фуқароларнинг тўлов пулини вақтида бермаганлиги боис юзага келган;

- ишга борган фуқаролардан баъзиларининг белгиланган жойдан бошқа ерда тунаганлиги акс этган расмлар эса уларнинг сарсон-саргардонлигидан эмас, балки бошқаларни ҳам иш ташлашга ундагани сабаб, иш берувчилар билан келишмовчиликка борганлиги оқибати эканлигини айтиб ўтиш жоиз. Ваҳоланки, улар билан бир вақтда кетган бошқа фуқаролар ўз ишларини сидқидилдан бажаргани ва иш берувчилар талабларига тўла жавоб берганликлари учун бундай вазиятга тушишмаган;

- Москва шаҳридаги “Евроосиё Меҳнат ресурслари” МЧЖ – “Иш берувчи” номидан Самарқанд шаҳридаги “Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази” директори Р.Гусев ҳамда меҳнат мигрантлари ўртасида тузилган меҳнат шартномасида чиндан кундуз 8 соатдан 3 кун, кечга 8 соатдан 3 кун иш ва 3 кун дам олиш куни эканлиги кўрсатилган. Бироқ ушбу ҳужжатнинг  “дастлабки меҳнат шартномаси” (мақолада ҳавола этилган мазкур шартнома номида ҳам бу ёзиб қўйилган) эканлиги ва унда кейинчалик фуқаро билан иш берувчи ўртасида асосий шартнома тузилиши ва у шартномада иш берувчининг талабларига мувофиқ, дастлабки меҳнат шартномасидан фарқланувчи ўзгартиришлар киритилиши қайд этилгани инобатга олинса, Ўзбекистондан меҳнат миграциясига юбораётган ташкилотнинг фуқаролар билан етарлича тушунтириш ишларини олиб бормаганлиги, қолаверса, шартномада кўрсатилган юк ортувчи ва туширувчи (грузчик) ишига жисмоний жиҳатдан тайёр бўлмаган фуқароларни жалб этгани ойдинлашади.

- қандай сабабга кўра бўлмасин, давлат томонидан хорижга ишга юборилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар доим назоратга олинади, хусусан, Самарқанд шаҳридаги “Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази” томонидан Россияга ишлаш учун бориб, меҳнат шартномаси тугамасидан юртимизга қайтган фуқаролар – Аббос Ибодуллаев ва Ғанижон Икромовга барча кўрган моддий зарарлари тўлаб берилади, яъни уларнинг ишга кетиш учун сарфлаган харажатлари қайтарилади. Бу ҳақида Агентликка Марказ директори Р.Гусев шахсан хабар қилди. Шунингдек, иш жойини ташлаб, номаълум манзил бўйича Россияда юрган гуруҳдаги 7 нафар фуқарони ҳозирда излаб топиш ишлари олиб бориляпти, уларнинг қаердалиги аниқлангач, улар жисмоний жиҳатдан енгилроқ ишларга жойлаштирилади.  

Меҳнат мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида бугун давлатимиз Раҳбари ва Ҳукумати тарафидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентгили ҳам хорижда ишловчи фуқароларимизнинг кафолатланган ишга эга бўлишлари ҳамда иқтисодий манфаатдорлик асосида яхши шароитдаги иш жойларида меҳнат қилишлари учун қатор йирик лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этмоқда. Хусусан, ҳозирда чет давлатларда бирин-кетин Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ўз ваколатхоналари ташкил этилмоқда. Яқиндагина Корея Республикасининг Кванджу шаҳрида очилган ана шундай ваколатхона фикримиз далилидир. Мазкур ваколатхоналар хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Демоқчимизки, масъул давлат органлари ҳеч қачон ўзи меҳнат миграцияси учун хорижга юборган фуқароларнинг тақдирига бефарқ қараб турмайди. Фақатгина айрим шахсларнинг, бу сўзни кенг маънода тушунишларингизни истардик, лоқайдлиги ва шахсий манфаати йўлида йўл қўйган хатоликлари сабаб, баъзида нохуш ҳолатлар ёки тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Шундай экан, бирор муаммони ёритишда уни атрофлича ўрганиб, асл ҳақиқатни билиб, холис суриштирув олиб борилса, жамоатчиликда ўша масалага нисбатан нотўғри фикр шаклланмайди.