Бинонинг очилиш маросимни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ҳамда Чилонзор тумани ҳокими Даврон Ҳидоятов расман очиб берди.

Шундан сўнг, туман ҳокими ҳамда вазир сўзга чиқишиб, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бугун олиб борилаётган салмоқли ишлар ва янги бинода ўз фаолиятини давом эттирадиган Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг бу борада ишончли вакиллик органи бўлиб қолишини алоҳида қайд этдилар.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингандан сўнг аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, қарор бўйича аҳолининг турли ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига гаров таъминотисиз энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача микрокредитлар ажратиш, ишсиз шахсларни, айниқса, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитиш ишларида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари муҳим кўприк вазифасини ўтайди.

Чилонзор туманидаги аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг замонавий шароитларга эга янги бино билан таъминланиши аҳолига янада сифатли хизмат кўрсатиш имконини беради. Маросимга йиғилганлар янги бинонинг ана шу замонавий қиёфаси билан танишдилар.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг бундай янги бинолари босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам очилиши кутилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати