I. ТАДҚИҚОТНИНГ АСОСИЙ НАТИЖАЛАРИ

2018 йилнинг 1 ярим йиллик якунлари бўйича ўтказилган социологик тадқиқот Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази масъул ходимлари ҳамда ҳудудлардаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари ходимларидан иборат гуруҳлар томонидан амалга оширилди.

Мақсад ва вазифалари. Мазкур социологик тадқиқот банд бўлмаган аҳоли сонини ҳисоблаш учун маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар сонини аниқлаш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 62 та туман ва шаҳарларида “Уй хўжаликларида бандлик масалаларини ўрганиш” сўровномаси (Анкета) асосида ўтказилди. 

Мазкур ўрганиш асосида меҳнат ресурсларини баҳолаш, ҳисобот ва прогноз баланслари ҳамда иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлган фуқароларнинг сифат таркиби тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

Тадқиқот ўтказиш методологияси. Сўров ўтказиладиган уй хўжаликларини саралаш ҳар бир туман (шаҳар) бўйича маълумотларнинг намунавийлигини таъминлаш мақсадида, ҳар бир туман (шаҳар)да уй хўжаликларининг 0,3 фоиздан кам бўлмаган миқдорини қамраб олиш орқали амалга оширилди. Уй хўжаликларини танлаш икки босқичда амалга оширилди.

Биринчи босқичда аҳоли пунктлари саралаб олинди. Бу жараён ҳар чоракда бир марта амалга оширилиб, бир йилда жами 4 марта ўтказилади. Аҳоли пунктларини саралаб олиш эҳтимоли ундаги мавжуд уй хўжаликларинг (ёки аҳоли) сонига боғлиқ.

Танлашнинг иккинчи босқичида эса – уй хўжаликларини саралаш амалга оширилади. Меҳнат органларининг ҳудудий бошқармалари белгиланган тартибда барча уй хўжаликлари рўйхатини саралаб олинган аҳоли пунктлари бўйича электрон тарзда шакллантиради. Ушбу рўйхат асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги уй хўжаликларини саралашнинг иккинчи босқичини амалга оширади ҳамда келгуси уч ойдаги ўрганишда фойдаланиладиган уй хўжаликлари рўйхатини шакллантиради.

 Юклаб олиш (pdf, 1.3 MB)