2018 йил 31 октябрь Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” ҳамкорлигида пахта йиғим-терим кампанияси ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик чора-тадбирларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.  

Бундан кўзланган асосий мақсад мажбурий меҳнатга қарши курашишда оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар фаоллигини ошириш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар мазмун-моҳиятини халққа холисона етказиш ва тарғибот ишларини янада кучайтириш йўлида ОАВ вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва фикр алмашишдан иборат.     

Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” бош техник маслаҳатчиси Йонус Аструп, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Нодир Якубов ҳамда “Бухоро оқшоми”, “Бухоронома”, “Бухарский вестник”, “Ишонч”, “Бухоро ёшлари”, “Истиқлол ТВ” ва бошқа Бухоро ОАВ вакиллари, шунингдек, Бухоро шаҳар Халқ таълими бўлими, Маданият бошқармаси, Касаба уюшмалари ташкилотларидан ходимлар  иштирок этди.

Тадбирни Й.Аструп ҳозирги кунда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган салмоқли ишлар ҳақидаги фикрлари билан бошлаб берди.

Шундан сўнг, Н.Якубов бу йилги пахта йиғим-терим кампанияси, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш бўйича давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар, шу жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишга туширилган ишонч тармоқларининг самаралари, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди.

Анжуманнинг асосий қисми жорий йилги пахта мавсумида амалиётга  тадбиқ этилган ислоҳотлар, мажбурий меҳнатга қарши курашиш жараёнида юзага келаётган муаммоларга оид савол-жавоблар ва фикр-мулоҳазаларга қаратилди.

Тадбир якунида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан тайёрланган видео лавҳа намойиш этилди.