2018 йил 2 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Марказий Осиё ва Монголия давлатлари билан муносабатлар бўйича Европа Парламенти делегацияси раиси Ивета Григуле-Петерсе бошчилигидаги депутатлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Европа Парламенти делегацияси “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 14-мажлисида иштирок этиш учун 31 октябрь куни Ўзбекистонга етиб келган эди. Шу муносабат билан Европа Парламенти депутатлари соҳалар бўйича ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш ва тажриба алмашиш мақсадида қатор давлат органларига ташриф буюришди. Делегациянинг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидаги учрашуви ҳам ана шундай ташрифлардан бири бўлди.

Учрашувда делегация раиси билан бирга, раис ўринбосари Мирославс Митрофановс, делегация аъзолари Йоахим Целлер, Йозо Радош, Инессе Вайдере, Андрейс Мамикинс, Вулф Клинз ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бошчилигидаги вазирлик масъул шахслари иштирок этди.

Учрашув доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, пахта йиғим-терими бўйича Ўзбекистонда сўнгги йиллар амалга оширилаётган амалий ишлар хусусида фикр алмашилди. Делегация вакиллари, айниқса, аҳолининг ўсиш суръати юқори бўлган Ўзбекистонда ишсизликка қарши кўрилаётган чора-тадбирлар ва демографик шаклланишга мос равишда меҳнат бозорини мувофиқлаштиришга оид Ўзбекистон тажрибасига алоҳида қизиқиш билдирди.

 

Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб бориш ва келгусида меҳнат соҳасини ривожлантириш бўйича ўзаро истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.