2018 йил 8 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Миграция сиёсатини ривожлантириш халқаро маркази билан ҳамкорликда “Миграция обсерваторияси ва ўқув Академияси. Ўзбекистондаги эксперт миссияси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг масъул шахслари, шунингдек, Прага жараёнининг етакчи мамлакатларидан вакиллар иштирок этди.

Прага жараёни миграция масалалари бўйича мулоқотни таъминлайдиган ва Европа Иттифоқи, Шенген битими, Шарқий ҳамкорлик, Ғарбий Болқон, Марказий Осиёга кирувчи давлатлар, Россия ва Туркия ўртасида миграция ҳамкорлигига йўналтирилган мақсадли сиёсий жараён ҳисобланади.

Давра суҳбати аввалида Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар экспертлари – Хавф-хатар ва стратегия таҳлили хизмати бошлиғи Эмил Никулеску (Руминия), миграция масалалари бўйича таҳлил юритувчи Тимея Черенеи (Венгрия), Ички ишлар ва администрация вазири маслаҳатчиси Богумил Рибак (Польша), Ёшлар таълими ва спорт вазирлиги катта ходими Лусие Троянова (Чехия) Ўзбекистонга урғу берган ҳолда Европа Иттифоқи эксперт давлатларидаги миграция ҳолатларига бағишланган тақдимотлари билан чиқишди. Мазкур тақдимотларда аниқ далил ва статистик маълумотларга асосланган миграция жараёнлари, у билан боғлиқ муаммо ва истиқболли ечимлари ҳавола этилди.

Ўз навбатида, миграция сиёсати бўйича ваколатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг масъул вакиллари ҳам миграция соҳаси бўйича юртимизда амалга оширилаётган салмоқли ишлар тўғрисида тақдимот қилишди. Хусусан, экспертлар гуруҳига Ўзбекистоннинг миграция сиёсатидаги ҳуқуқий асослари, меҳнат мигрантларини юридик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг иш топишлари ва ишга жойлашувларида кўрсатиладиган ёрдам, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ишга кетадиган фуқароларга кетиш олдидан касбий тайёргарлик ва хорижий тилларни ўқитиш бўйича тақдим этиладиган тренинглар ва курслар ҳақида маълумот берилди.

Давра суҳбати якунида мавзуга оид масалалар муҳокама қилиниб, умумий хулосалар чиқарилди.