2018 йил 10 декабрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида АҚШнинг Одам савдосини мониторинг қилиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Жон Ричмонд бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Жон Ричманд билан бирга, АҚШ Давлат департаментининг одам савдосини мониторинг қилиш ва унга қарши курашиш бўйича офис тадқиқотчиси Рене Ларивьер, Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг Сиёсий-иқтисодий бўлими масъул вакиллари Ларри Райт, Брэндон Шервуд ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, вазир ўринбосарлари Эркин Мухитдинов, Нодирбек Якубов, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ўзаро муносабатлар ва халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Екатерина Горбунова иштирок этди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган салмоқли ўзгаришлар, хусусан, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, одам савдосига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган самарали ишлар ҳақида фикр алмашди.

Вазир Шерзод Кудбиев, айниқса, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, унинг ҳар қандай кўринишлари олдини олиш мақсадида давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган аниқ чора-тадбирлар, қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда вазирлик томонидан ишга туширилган ишонч тармоқлари туфайли эришилган ютуқлар ва кутилаётган натижалар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида, АҚШ делегацияси Ўзбекистоннинг сўнгги икки йил ичидаги ислоҳотларини эътироф этиб, мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини қайд этди. Хусусан, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга тўлиқ чек қўйилгани, жорий йилги пахта теримида ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг жалб этилмагани алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунига кўра томонлар келгусида ҳамкорлик муносабатларини фаол давом эттириш ва мавжуд муаммоларга қарши биргаликда курашишга тайёр эканликларини билдиришди.