Бугун 13 декабрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Гай Райдер билан бирга, ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Минтақавий бюроси директори Хайнц Кёллер, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Бюроси директори Ольга Кулаева, ХМТ бош директори маслаҳатчиси Одри Эспозито ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Учрашувда томонлар аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб иш ўринларини яратиш каби долзарб масалаларда фикр алмашди.

 

Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер Ўзбекистоннинг меҳнат соҳаси бўйича эришаётган сўнгги даврдаги ютуқларини алоҳида қайд этди.

 

Учрашув якунига кўра томонлар меҳнат соҳаси бўйича келгусида фаол ҳамкорлик алоқаларини юритиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.

Эслатиб ўтамиз, бу ХМТ бош директори Гай Райдернинг Марказий Осиё минтақасига илк ташрифи ҳисобланади. Ташриф доирасида делегациянинг 14 декабрь Тashkent Hyatt Regency меҳмонхонасида ўтказиладиган “Меҳнат соҳаси истиқболи: Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги арафасида муносиб бандликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар” халқаро конференцияда иштирок этиши муҳим воқелик сифатида кутилмоқда.