Тashkent Hyatt Regency меҳмонхонасида ташкиллаштирилган “Меҳнат соҳаси истиқболи: Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги арафасида муносиб бандликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар” мавзусидаги халқаро конференциянинг дастлабки ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Конференция кун тартибидан аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб иш ўринларини яратиш, ижтимоий ҳимоя ва хавфсиз меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш каби долзарб масалалар ўрин олган.

Хусусан, “Муносиб меҳнат, бандлик ва ХМТнинг меҳнат соҳаси истиқболига оид асосий мезонлари” мавзусида ўтказилган биринчи ялпи мажлисда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” фаолияти доирасида амалга оширилган ишлар, жумладан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, норасмий бандликни мувофиқлаштириш, аҳолининг ишсиз қатламини, айниқса, аёллар ва ёшларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш ва бу борада ХМТ билан фаол ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш сингари долзарб масалалар хусусида фикрлар билдирилди.

Мажлиснинг асосий спикерлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева, Афғонистон Ислом Республикаси Меҳнат, ижтимоий таъминот ва ногиронлар таъминоти вазири Файзуллоҳ Заки, ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Минтақавий бюроси директори Хайнц Кёллер ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов иштирок этди. Мажлисда модераторлик вазифасини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бажарди.

Ўзбекистоннинг меҳнат соҳаси бўйича янги босқичга кўтарилишида мазкур халқаро конференциянинг муҳим одим бўлиши кутилмоқда.