“Меҳнат соҳаси истиқболи: Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги арафасида муносиб бандликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар” халқаро конференциясининг иккинчи ярми меҳнат соҳасидаги муаммолар муҳокамасига бағишланди.

Конференция иштирокчилари “Муносиб меҳнат ва аҳоли бандлиги”, “Меҳнат миграцияси хавфсизлигини таъминлаш ва тартибга солиш” ҳамда “Аҳолининг ижтимоий ҳимояси масалалари” сингари учта бўлимда ўзаро фикр алмашди.


Хусусан, “Муносиб меҳнат ва аҳоли бандлиги” мавзусида кечган муҳокамада Қирғизистон Республикаси Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Камалдин Токтосаров, Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири ўринбосари Любов Ельцова, Озарбайжон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири ўринбосари Метин Каримли, Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вице-министри Нуржан Альтаев ҳамда бандлик масалалари бўйича ХМТ бюроси бош мутахассиси Михаил Пушкин асосий спикерлар сифатида қатнашди.


Ушбу бўлимда аҳоли бандлигини ошириш, самарали меҳнат фаолиятини ташкил этиш, барқарор ривожланиш йўлида муносиб бандликни таъминлаш, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини такомиллаштириш ва меҳнат соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, истиқболли таклифлар киритилди.


Конференциянинг яна бир муҳим тармоғи “Меҳнат миграцияси хавфсизлигини таъминлаш ва тартибга солиш” масалалари бўлди. Мавзу доирасида меҳнат муҳожирлари ҳуқуқини ҳимоялаш, Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболлари ва ҳолати, фуқароларни хорижда ташкилий асосда ишга жойлаштириш, меҳнат миграцияси бўйича мақсадли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш масалалари муҳокама этилди.

Бўлимда ХМТ, ЕХҲТ халқаро ташкилотлари, Россия Федерацияси, Тожикистон давлатларининг меҳнат миграцияси бўйича масъул вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, конференция кун тартибидан “Аҳолининг ижтимоий ҳимояси масалалари” алоҳида ўрин эгаллади. Мазкур бўлимда замонавий технологияларнинг меҳнат соҳасида тутган ўрни, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ривожидаги янги тенденциялар, пенсия таъминоти, ижтимоий тенглик сингари масалалар Осиё тараққиёт банки, ХМТ, ЮНИСЕФ вакиллик органи ҳамда Ўзбекистондаги масъул ташкилот вакилларининг эътибор марказида бўлди.

 

Халқаро конференциянинг муҳокамалар жараёни меҳнат соҳаси бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга туртки берувчи ғоя ва таклифларни ишлаб чиқишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.