2018 йил 15 декабрь Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Делегацияга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов ва бошқа мутасадди вакиллар ҳамроҳлик қилди.

Ташриф аввалида делегация Мирзо Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр мақбараси, “Шоҳи Зинда” мажмуаси каби Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрди.

Кўп асрлик тарихга эга меъморий обидалар делегация вакиллари, шу жумладан, жаноб Гай Райдерда улкан таассурот қолдирди.

“Самарқанд шаҳри чиндан ҳам дунёдаги энг кўҳна шаҳарлардан бири экан. Айниқса, бу ерда сақланиб қолган минг йиллик тарихий обидалар кишини хайратга солади. Бу менинг Ўзбекистонга, шу жумладан, Самарқандга биринчи ташрифим ва бу ўлкага келганимдан жуда ҳам хурсандман” – дея таъкидлади жаноб Гай Райдер.

Шундан сўнг, делегация вакиллари Самарқанд шаҳар “Конигил қоғоз” фабрикаси фаолияти билан танишди. Ташриф доирасида олий мартабали меҳмонларга миллий маданиятимиз акс эттирилган эсдалик совғалари топширилди.

Куннинг иккинчи ярмини делегация Амир Темур мақбарасига ташриф билан бошлади. Делегацияга ноёб меъморчилик намунаси, темурийлар тарихи, давлатчилиги ва Амир Темур шахси ҳақида маълумот берилди.

Амир Темур мақбарасига ташрифдан сўнг, делегация Регистон ансамблига йўл олди. Регистон майдонида Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасаларидан иборат меъморий мажмуага сафар уюштирилди.

Регистон майдонига ташриф якунлангач, делегация Самарқанд шаҳрининг Сиёб бозорини кўздан кечирди.

Жаноб Гай Райдер Самарқанднинг Ўзбекистон туристик салоҳиятини намоён этувчи ажойиб шаҳар эканлигини, туризм бўйича Ўзбекистоннинг улкан имкониятларга эгалигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Сиёб бозоридан сўнг, делегация Бибихоним масжидига ташриф буюрди ва яна бир классик меъморчилик намунаси билан таништирилди.

Делегация кун тартибидаги сўнгги ташриф Самарқанд шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига уюштирилди. У ерда делегация вакилларига марказ фаолияти, фуқаролар билан ишлаш тартиби ҳақида маълумот берилди.

Таъкидлаш ўринлики, бу ХМТ бош директори Гай Райдернинг Марказий Осиё минтақасига илк ташрифи ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, ХМТ бош директори Гай Райдер бошчилигидаги делегация 14 декабрь Тошкентда бўлиб ўтган “Меҳнат соҳаси истиқболи: Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги арафасида муносиб бандликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик вамеҳнат муносабатлари, Ташқи ишлар вазирликлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар ўтказди.