20 декабрь “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматлари ўртасидаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун ташкилий тартибда тўплаш ва жалб қилиш тўғрисидаги Битимни амалга ошириш масалалари бўйича Ишчи гуруҳнинг Биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 июндаги “Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3069-сон қарорига мувофиқ, 2017 йилнинг 5 апрель куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун ташкилий тартибда тўплаш ва жалб қилиш тўғрисида ҳукуматлараро Битим имзоланган эди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон учун 2017 йилнинг 21 декабрь куни кучга киритилган.

Битимга кўра Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритиш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкилий тартибда тўплаш ва жалб этиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида ушбу Битимни амалга ошириш учун Россия Федерацияси ва Ўзбекистон томонларининг ваколатли органлари бевосита ўзаро ҳамкорлик алоқаларини олиб бориш ва кўрсатилган вазифаларни самарали бажариш йўлида идоралараро шартномаларни имзолаш белгиланган.

Қонун ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида тузилган томонлар Ишчи гуруҳининг Тошкентда ўтказилган биринчи йиғилиши ана шундай долзарб масалаларга қаратилди. Йиғилишда Россия Федерацияси Меҳнат ва бандлик Федерал хизмати бошлиғи ўринбосари Михаил Иванков, РФ ИИВ Миграция масалалари бош бошқармасининг Ташқи меҳнат миграцияси бошқармаси бошлиғи Елена Прошина, РФ Фан ва олий таълим вазирлиги Халқаро ҳамкорлик департаменти директори Игор Ганишин, шунингдек, РФ Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги, РФ Рақамли тараққиёт, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазирлиги, Меҳнат ва бандлик Федерал хизмати, Россия халқлар дўстлиги университети, Давлат ва шаҳар бошқаруви институтининг масъул вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Муродулла Холмуҳамедов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Турсунов ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликларининг масъул вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибида Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома (патент) бериш тартибини Ўзбекистонда жорий этиш, томонларнинг меҳнат миграцияси бўйича олиб бораётган ўзаро фаолиятларини янада мустаҳкамлаш, бу йўлда янги механизмларни ишлаб чиқиш, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш, тизимни такомиллаштириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш сингари қатор масалалар кўриб чиқилди.

Ишчи гуруҳнинг Биринчи йиғилиш якунига кўра белгиланган чора-тадбирлар бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар имзолаш ҳамда уларни тизимли равишда амалиётга тадбиқ этишга келишилди.