Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2019 йил аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб иш ўринларини яратиш ҳамда меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Улар орасида БМТ Тараққиёт дастури ва Россия Федерациясининг донорлик ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳаси истиқболли натижалар ва самарали чора-тадбирларга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

27 декабрь Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида хорижий ҳамкорлар билан ўтказилган учрашувда мазкур лойиҳани ишга тушириш ва баҳолаш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.

 
Учрашувда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Фарид Караханов, Барқарор ривожланиш бўлими бошлиғи Хуршид Рустамов, дастурчи координатори Адхам Қўчқоров, донорлик ташкилоти номидан Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Элчихонаси маслаҳатчи-элчиси Вадим Митрофанов, иккинчи котиби Иван Прокопенко ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бошчилигидаги масъул ходимлар иштирок этди.

 

“Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистонда фаол чора-тадбирлар амалиётини қўллаш орқали ёшлар бандлигига кўмаклашиш, бу йўлда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятлари учун янги имкониятларни яратиш, меҳнат бозоридаги хизматлар сифатини янада ошириш ҳисобланади. Лойиҳа 2019-2021 йилларга мўлжалланган.

 

Учрашув давомида томонлар лойиҳанинг ана шундай тафсилотларини атрофлича кўриб чиқиб, ундан кутилаётган натижалар борасида фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Учрашув якунига кўра лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича тегишли таклифлар киритилиб, жорий йил якунига қадар лойиҳани томонлар тасдиғидан ўтказишга келишиб олинди.