20 декабрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Ҳудудий Бандлик бош бошқармалари бошлиқларининг бошқарув соҳасида малакасини ошириш ва тажриба алмашиш” мавзуси бўйича ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Туркия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги Тренинг маркази президенти Абдураҳим Ченосак бошчилигидаги экспертлар гуруҳи ҳамда Ўзбекистон вилоятларидаги Бандлик бош бошқармалари раҳбарлари ва Тошкент шаҳридаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари бошлиқлари иштирок этди.

Семинарни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов расман очиб берди.

Семинар кун тартибида меҳнат соҳаси бўйича Туркия амалиёти, хусусан, аҳоли бандлиги ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, меҳнат миграциясини такомиллаштириш йўлида олиб бораётган чора-тадбирлари ўрганилди. Туркиялик экспертлар семинар қатнашчилари билан меҳнат соҳасидаги тажрибаларини ўртоқлашди. Ўз навбатида, хорижий ҳамкорларга меҳнат соҳаси бўйича Ўзбекистонда сўнгги даврда амалга оширилаётган самарали ишлар ҳақида айтиб ўтилди. Шунингдек, семинар давомида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, меҳнат бозорида фуқаролар билан ишлаш механизмлари, норасмий бандликни тартиблаш тизимлари, иш ўринларида муносиб меҳнат шароитларини яратиш каби долзарб масалаларда ҳам фикр алмашилди.

Семинар якунига кўра, келгусида соҳа бўйича тажриба алмашишни янада фаоллаштириш ва бу борада ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб боришга келишилди.