2019 йил 7 январь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Хусусий бандлик агентликларига тантанали равишда лицензия топширилди.

Маълумки, 2018 йил 16 октябрь Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонун имзоланган эди. Мазкур қонунга асосан, Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича давлат монополияси тугатилиб, бу соҳада хусусий ташкилотлар фаолияти учун кенг имкониятлар яратилди.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хусусий бандлик агентликларини рўйхатга олиш ва фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш учун лицензия бериш амалиётини йўлга қўйди. Хусусан, Вазирлик томонидан хусусий бандлик агентликлари реестри ва Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олиш хизматларини тақдим этувчи https://reestr.mehnat.uz сайти ишга туширилди. Ушбу тизим асосида бугунги кунгача Хоразм, Самарқанд, Андижон, Тошкент вилоятларидаги Xorazm, Arm-inter group, Tian Shan, Amilee Bahora, Human сингари 5 та Хусусий бандлик агентлигига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича лицензиялар берилди.

Фуқароларни хорижда ишлашга юбориш ваколати шу пайтгача фақат Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида мавжуд эди. Эндиликда мазкур вазифани Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигидан ташқари Республиканинг турли ҳудудларида жойлашган лицензияга эга Хусусий бандлик агентликлари ҳам эркин амалга оширишлари мумкин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтказилган маросимда яна 10 та ана шундай Хусусий бандлик агентликларига лицензиялар тақдим этилди. Жумладан, лицензияга эга бўлган Taraqqiyot, Avangard Personal, Korean аnd Migrations, Historical Travel, Vodiy HR, Status777, Goodwill, Recruit Consulting, Euroasia Innovation, International Experience каби хусусий бандлик агентликлари Самарқанд, Фарғона, Андижон, Тошкент шаҳарларида фуқароларга расман хизмат кўрсатишни бошлайди. Агентлик масъул вакилларига лицензиялар вазирликнинг Ташқи меҳнат миграцияси ва қайтиб келган меҳнат мигрантларини реинтеграциялаш бошқармаси бошлиғи Дилафруз Икромова томонидан тантанали равишда топширилди.

Лицензиялар ўз эгаларига берилгач, Дилафруз Икромова агентлик масъуллари билан келгуси фаолиятлари, жорий йилги режалари ва соҳа бўйича қизиқтирган масалалари хусусида суҳбатлашди. Фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда ишсизликни бартараф этишда хусусий бандлик агентликларининг алоҳида ўрин тутиши таъкидланиб, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури лойиҳасида режалаштирилган вазифаларни бажаришда, яъни 2019 йилда 200 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароларини хорижда иш билан таъминлаш жараёнида хусусий бандлик агентликларининг муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.