Жорий йилнинг 13-17 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг Японияга ташрифи бўлиб ўтмоқда.

Ташрифдан кўзланган мақсад Японияда стажёрларни техник тайёрлаш дастури бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, Японияда ишга жойлаштириш учун Ўзбекистон фуқароларини уюшган ҳолда танлаш дастурини амалга оширишни ташкиллаштиришдан иборатдир.

Жорий йилнинг 15 январь куни Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазири, жаноб Такуми Немото билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида томонлар келгусидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистондан борган стажёрларни Японияда техник тайёрлаш дастурини амалга ошириш механизмларини муҳокама қилди.

Т.Немото жорий йил апрель ойидан кучга кириши кутилаётган иммиграцияга оид янги қонунчилик доирасида Ўзбекистонни Япониядаги ишчи кучлари эксперт мамлакатлар рўйхатига киритишни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади.

Учрашув якунида Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида стажёрларни техник тайёрлаш дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш маросими ўтказилди.

Шунингдек, техник стажёрлар дастурини (OTIT) амалга ошириш бўйича ташкилот раиси, жаноб Ёшио Сузуки билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Ё.Сузуки ташқи меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилган мақсадларни амалга оширишда кўмаклашишга, шунингдек, Японияда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоялашда ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди. Шу билан бирга, ташкилот расмий сайтига техник стажёрлар ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш мақсадида техник стажёрларни танлаш билан шуғулланувчи Ўзбекистоннинг амалдаги хусусий бандлик агентликлари рўйхатини тақдим этишни сўради.

Япония Парламенти биносида Маслаҳатчилар Палатаси аъзоси, “Умид” (“Кибо”) партияси вакили, жаноб Мацузава Шигэфуми билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида миграцияга оид Япония қонунчилигидаги ўзгаришларнинг кучга кириши доирасида ўзбек-япон ҳамкорлигининг келгуси истиқболлари муҳокама этилди.

М.Шигэфуми ўзбек делегациясига Япониянинг яқин беш йил ичида 350 минг нафар хорижий ишчини қабул қилишни режалаштираётгани ҳақида маълумот берди ва ишга жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жалб этишга қизиқиш билдираётганини айтиб ўтди.