Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 августдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилган ягона Давлат меҳнат инспекцияси фуқаролар меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлида қатор чора-тадбирлар олиб бормоқда. Хусусан, Инспекция томонидан 2018 йил 13264 та корхонада меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ 55282 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Уларни бартараф этиш бўйича  9580 та ёзма кўрсатма ва 889 та тақдимнома киритилиб, 8914 нафар мансабдор шахсга нисбатан 4614,3 млн. сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.

Аниқланган қонунбузарликлардан 29202 таси меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик, 4729 таси меҳнат шартнома тузмасдан, норасмий равишда ходимлар меҳнатидан фойдаланиш, 4292 таси иш ҳақини белгиланган муддатларда тўламаганлик, 2638 таси аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этмаслик, 2552 таси меҳнат дафтарчаларини юритиш тартибини бузганлик, 1501 таси ноқонуний ишдан бўшатиш, 1193 таси касаба уюшмалари аъзолари ҳуқуқларини поймол этгани ва жамоа шартномалари талабларини бажармаганлиги, 1162 таси ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартибини бузганлик, 433 таси аёллар учун қўшимча имтиёз ва  кафолатлар қўлланилмагани, 291 таси мажбурий меҳнат ҳолатлари, 256 таси ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус иш ўринлари банд қилинмагани, 265 таси иш берувчи томонидан фуқаролик жавобгарлиги ҳақида мажбурий суғурта қилинмагани ортидан келиб чиққан.

Соҳалар бўйича таҳлил қилинганда халқ таълими тизимидаги ташкилот ва умумтаълим мактабларидаги мансабдор шахслар томонидан ўқитувчи ва бошқа ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши юзасидан 10439 та, тиббиёт муассасаларидаги ходимларнинг ҳуқуқлари бузилиши бўйича 3091 та, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2121 та, қурилиш соҳасида 1256 та, саноат корхоналарида 1032 та, қишлоқ хўжалигида 1348 та, транспорт соҳасида 487 та, банк муассасаларида 279 та қонунбузарлик содир этилган.

Ишлаб чиқариш соҳасида 2018 йил республика бўйича юз берган 554 та бахтсиз ҳодиса белгиланган тартибда махсус текширилди ва шулардан 164 таси ўлим билан, 364 таси оғир танжароҳат билан ва 26 таси гуруҳий бахтсиз ҳодисалар билан якунлангани аниқланди.

Юз берган бахтсиз ҳодисалар оқибатида 183 нафар ходим ҳалок бўлган, 428 нафар ходим оғир танжароҳат ва 47 нафари енгил танжароҳат олган.

Ушбу бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш жараёнида аниқланган 6543 та камчиликлар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган 553 та ёзма кўрсатма берилди ҳамда қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйгани учун 525 нафар мансабдор шахсга нисбатан 432803,3 минг сўмлик маъмурий жарима қўлланилди ва меҳнат ҳуқуқ инспекторларининг тегишли хулосаларига кўра, 483 та ҳолатда айбдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилди.

2018 йил Давлат меҳнат техник инспекторлари томонидан ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солаётган 108 та дастгоҳ уларда аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатилди.

2672 нафар фуқаронинг жами 8 млрд. сўмдан ортиқ иш ҳақларини ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалар топширилиб, ундириб берилди.

Шунингдек, фуқаролар ҳуқуқий онгини ошириш, иш берувчиларга меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини тушунтириш юзасидан жами 3155 та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шулардан 446 таси оммавий ахборот воситалари билан биргаликда, 2333 таси эса семинар шаклида иш берувчилар билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди.

Фуқароларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича, айниқса, Вазирлик томонидан ишга туширилган ишонч телефони ва @mehnathuquqbot телеграм тармоғи самарали ишлаб келмоқда. 2018  йилнинг пахта йиғим-терими арафасида ишга туширилган мазкур ишонч тармоқларига ўтган қисқа вақт мобайнида жами 2145 та мурожаат ва хабар юборилган.

Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан ушбу мурожаатлар жойларга чиқиб ўрганилганда, уларнинг 1940 таси пахта терими ва меҳнат қонунчилиги билан боғлиқ турли масалаларда маслаҳат олиш ва тизим фаолиятини текшириб кўриш мақсадида жўнатилгани маълум бўлди. Мурожаатларнинг 171 тасида эса чиндан мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани аниқланиб, айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Мазкур ишонч тармоқлари фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда бугун ҳам ўз ишини фаол давом эттирмоқда. Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кузатилганда ушбу ишонч тармоқларига мурожаат қилиш мумкин.