Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 3839-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда 2018 йилнинг 5-8 сентябрь кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 19-кенгашида Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органларининг Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидаги тахминан 1500 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтаришга кўмаклашиш тўғрисида эришилган келишувга мувофиқ, 2018 йилнинг тўртинчи чорагида ана шундай тоифага кирувчи 200 нафарга яқин юртдошларимиз Ўзбекистонга қайтарилган эди.

Ушбу чора-тадбирлар 2019 йилнинг дастлабки ойидан бошлаб фаол давом эттирилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 15-18 январь кунлари хорижда қийин аҳволда қолган яна 70 га яқин юртдошларимиз Ўзбекистонга қайтарилди. Улар меҳнат муҳожири сифатида бир неча йиллаб юртига қайтолмай, соғлиғи ва шахсий ҳужжатларидан айрилиб, ўзга юртларда сарсон бўлишган.

Юртдошларимизни Тошкент Халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари ўринбосари Бахтиёр Турсунов бошчилигидаги масъул вакиллар кутиб олишди.

Фуқароларимиз Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилиб, Агентлик вакиллари билан учрашувда зарурий маслаҳат ва кўрсатмалар олишди.

Учрашув якунида юртимизга қайтарилган фуқароларнинг яшаш манзилига қадар йўл харажатларини қоплаш мақсадида уларга энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида пул маблағлари тарқатилди.

Юртдошларимизни Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ ташкилий ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 3839-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилди.

Хорижда қийин аҳволда қолган юртдошларимизни Ўзбекистонга қайтариш ишлари давом этади.