Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири А.Абдухакимовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг

24 йиллигига бағишлаб 2016 йил 7 декабрь куни ўтказиладиган тантанали йиғилишдаги маърузаси

 

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар !

Азиз дўстлар!

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга 24 йил тўляпти. Мустақил Ўзбекистонимиз тарихида муҳим аҳамиятга молик сиёсий воқеа бўлган бу қутлуғ байрамни халқимиз йигирма тўртинчи марта нишонламоқда.

Бугунги байрам тантанаси муносабати билан Сизларни ва Сизлар орқали Ресапубликани барча аҳолисини қутлуғ айём билан қизғин табриклашга ва барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, озод Ватанимиз равнақи йўлидаги улуғвор ишларингизда ҳамиша омад ёр бўлишини тилашга рухсат бергайсизлар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида шу ва бошқа байрамларимизни юксак кўтаринкилик ва баланд руҳ билан узоқ йиллар давомида шундай тинч ва осойишта ҳаёт бағрида нишонлаш ҳаммамизга, бутун халқимизга насиб этаверсин.

Азиз ҳамюртлар!

Дунё тараққиётига ўзларининг зукко ақл-идроклари билан муносиб ҳисса қўшган улуғ бобокалонларимиз туғилган шу муқаддас заминимизда яшовчи ҳар бир инсон бугун Конституциямизнинг ҳаётбахш таъсирига, ундаги инсонпарварлик, адолат, эркинлик ва тенг ҳуқуқлилик ғоялари кундалик турмушимизда рўёбга чиқаётганига гувоҳ бўлмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган Конституциямизда инсон ҳуқуқлари, ҳақчил демократия ва ижтимоий адолат тамойиллари ўзининг кенг ифодасини топиб, у инсонпарвар ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлди.

Конституциямизда акс этган ҳуқуқ ва бурчларига садоқатли ҳамюртларимиз унда илгари сурилган Мустақиллик ғояларига суянган ҳолда бир ёқадан бош чиқариб, Ватанимиз гуллаб-яшнаши йўлида йил сайин астойдил, фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

Мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиб, барча соҳаларда мисли кўрилмаган ўзгаришлар, ютуқлар қўлга киритилаётгани ана шу аҳиллик билан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самараси, албатта.

Ўз навбатида ҳар йили Конституция байрамида Юртбошимиз томонидан келгуси йилнинг асосий шиори кўтарилиши ва ана шу асосда янги-янги улуғвор мақсадларга йўл очилаётганини халқимиз қўллаб-қувватламоқда.

Амалдаги йилимиз юртимизда “Халк билан мулокот ва инсон манфаатлари ” йили сифатида муносиб ўрин олганлигига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Бутун дунёда таҳликали халокатлар узлуксиз юз бераётган ва бугунги кунда “Оммавий маданият”нинг таъсирида ёшлар онгига атайлаб бепарволик, эътиборсизлик иллатлари сингдирилаётган ҳозирги даврда “Халк билан мулокот ва инсон манфаатлари ” йили орқали миллий қадриятларимизнинг қадри ва қиммати янада оширилиши мамлакатимизнинг ўтган бир йиллик ҳаётида муҳим ўрин эгаллади.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Халқ фаровонлигини тобора ошириб бориш жамиятимиз сиёсатининг негизини ташкил этади. Республикамиз аҳолисининг иш ҳақлари, нафақа пуллари ўз вақтида тўланишига эришилаётгани, қариялар, ногиронларга эътибор ортганлиги ҳам диққатга сазовордир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциямиз берган ҳуқуқ ва имтиёзлардан ҳамиша миннатдор Республикамиз аҳли ҳам бу улуғ байрамни ҳар қачонгидан ёруғ юз, муносиб совғалар билан кутиб олмоқдалар.

Айниқса, вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари барча соҳаларда республикада пешқадам бўлиб мўл ва сифатли маҳсулотлар етиштирдилар.

Халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳам Республикамиз аҳли йилни муносиб якунлаш учун фидоийлик билан меҳнат қилмоқдалар.

Сизларнинг рухсатингиз билан Конституциямизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишни “ОЧИҚ” деб эълон қиламан.

(Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди)

 

Қадрли дўстлар !

Барчангизни умумхалқ байрами - Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги билан яна бир бор табриклайман. Сизларга мустаҳкам саломатлик, оилавий бахт-саодат, янгидан-янги ютуқлар ёр бўлсин.

Эътиборингиз учун раҳмат !