Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи Ҳукуматнинг энг муҳим вазифасидан бири сифатида белгилаб берилган.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг 2016 йил 10 октябрда бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонларидан берилган таклиф ва тавсиялар асосида Дастур лойиҳаси қайта ишлаб чиқилиб, Ҳукумат йиғилишида тасдиқланди.

2017 йилда Аҳоли бандлигини таъминлашга бўлган эҳтиёж мутасадди вазирлик ва идоралар билан бирга ҳар бир қишлоқ (маҳалла) бўйича демографик ҳолат, жумладан аҳолининг ёши, касби, бандлиги, ижтимоий аҳволи, меҳнатга лаёқати, аёллар бандлиги ва бошқа кўрсаткичлари бирма-бир ўрганилди ҳамда ҳудудлардаги жорий меҳнат бозори ҳолати, шу жумладан 2017 йилда иш жойларига муҳтож бўлган аҳолининг ҳақиқий сони касблар кесимида аниқланди.

Меҳнат бозорининг кутилаётган эҳтиёжидан келиб чиқиб, яъни касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари битирувчилари, четдан қайтадиган меҳнат мигрантлари, иш қидираётган фуқаролар, шунингдек иқтисодий жараёнлар натижасида иш жойини йўқотадиган ходимларни ҳам ҳисобга олган ҳолда барча туманлар ва шаҳарлар бўйича 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлашга оид Буюртманома шакллантирилди.

Ушбу Буюртманомалар асосида маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги ҳамкорлигида коллеж битирувчилари, меҳнат мигрантлари, ишдан бўшатилган ишчилар сонига мос келадиган кўламларда аҳоли бандлигини таъминлаш параметрлари ишлаб чиқилди.

Дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида, ҳақиқатда иш ўринлари яратиш имкони мавжуд бўлган соҳалар, тармоқлар, айниқса инвестицион дастурлар доирасида яратиладиган янги корхоналар, шунингдек ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, оилавий бизнес соҳаларида мавжуд бўлган ички имкониятлар максимал даражада ҳисобга олинди.

Дастур лойиҳасида 2017 йилда меҳнат бозорига таъсир этадиган демографик омиллар, жумладан аҳолининг ўсиши, пенсияга чиқиш ва табиий қисқариш омиллари инобатга олинган.

Бунда, шакллантирилган буюртманомалар асосида келгуси йил Дастури прогноз параметрларини белгилашда Республика бўйича меҳнат бозорига илк бор 508,8 мингдан зиёд ёшлар (коллеж ва олий ўқув юртларини битириб) ҳамда 145,5 минг нафар қайтиб келаётган меҳнат мигрантлари ҳисобга олинган.

Бундан ташқари, 111,0 минг нафар ишчилар иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар натижасида иш ўринларини йўқотади, 7,4 минг нафар фуқаролар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилади, 18,3 минг ҳарбий хизматчилар муддатли ҳарбий ҳизматни ўтаб иш қидирувчилар қаторига кирадилар.

Рухсатингиз билан, энди 2017 йилда аҳоли бандлиги Дастури лойиҳасида кўзда тутилган тадбирлар тўғрисида ахборот берсам.

Биринчидан, Дастур параметрлари кейинги йилга белгиланган макроиқтисодий прогноз кўрсаткичлари, бюджет, солиқ ва инвестиция сиёсатининг асосий йўналишлари, маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиши, ижтимоий ва бозор инфратузилмаларини ривожлантириш дастурлари билан ўзаро узвий боғланган.

Дастурга мувофиқ келгуси йилда 389,3 минг нафар фуқаронинг янгидан ташкил этиладиган барқарор иш ўринларида бандлиги таъминланади.

Бунда инвестиция, маҳаллийлаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш ҳисобига - 345 308 иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Шундан:

- саноатда 10 102 та лойиҳада 131,1 мингта яратилиши белгиланмоқда.

Жиззах шаҳридаги “Элеганс Текс” қўшма корхонаси томонидан умумий қиймати 25 млрд.сўмга тенг бўлган ип-калава ҳамда мато ишлаб чиқариш лойиҳасида 1000 та, “Гуандонг Боҳуа Керамикс” хорижий корхонаси томонидан 40 млн. АҚШ долларга тенг бўлган керамик плиталар ва керомагранит ишлаб чиқариш лойиҳасида 800 та;

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида “Шангфенг Бридж оф френдшип” қўшма корхонаси томонидан умумий қиймати 26,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган цемент ишлаб чиқариш лойиҳасида 400 та иш ўринлари яратилади.

- Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришда 16 814 та лойиҳада 69, 5 мингтани ташкил этади.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан енгил конструкцияли қурилмалар асосида қуриладиган хизмат кўрсатиш объектлари ташкил қилиш учун, кичик ҳажмдаги яъни 20-100 кв метргача бўлган ташландиқ ер майдонларини бериш яхши натижа бермоқда.

Жумладан, Термиз шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида шаҳардаги 16 маҳаллада 300 дан ортиқ хизмат кўрсатиш объектларига талаб аниқланиб, бугунги кунда 100 дан ортиқ фуқароларга енгил конструкцияли қурилмалар асосида хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун шаҳар ҳокимининнг қарорига асосан 1,2 га ер майдонлари ажратилиб, 600 та иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Бу тажрибани яхши натижа берганини инобатга олиб 2017 йилда ҳам тадбиркорларга кичик ҳажмдаги ер майдонлари ажратиш давом эттирилади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида 10 058 та лойиҳада 55,8 мингта, бунда асосан кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни мақбуллаштириш орқали чорвачиликда 2 992 та лойиҳада 18 550 та, паррандачиликда 792 та лойиҳада 4 756 та, боғдорчилик, янги турдаги кўчатчиликда 1 126 та лойиҳада 7 174 та, балиқчиликда 821 та лойиҳада 3 079 та, узумчиликда 891 та лойиҳада 4 366 та, интенсив боғлар, иссиқхоналар, музлатгичларни ташкил этиш бўйича 1 249 та лойиҳа ҳисобига 7 480 тани ташкил этади.

Қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларида 88,9 мингта (кўп қаватли ва қишлоқ жойларида уй-жойларни қуриш йўл транспорт ва мухандислик коммуникация инфратузилмаси, қурилиш ҳамда қурилишнинг бошқа йўналишларида);

Мисол: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги  «2017−2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори қурилиш соҳасида иш ўринларини янада кўпайишига имкон яратди. Биргина 2017 йилда Дастурни молиялаштиришга 2 триллион 121,5 миллиард сўм йўналтирилиб, 15 мингта янги уй ва квартиралар қурилади. Бунинг учун янгидан ташкил этиладиган 500 дан ортиқ қурилиш корхоналарида қўшимча 30 мингга яқин иш ўринлари яратилади.

Ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш, давлат мулки объектларини хусусийлаштириш ва ижарага бериш ҳисобига 44,0 мингта яратилиши белгиланган.

Дастурга асосан Зарафшон шаҳар ҳокимлиги балансидаги тугатилган собиқ “Қизилқум Мануфактура” қўшма корхонасига қарашли бўлган бино ва иншоотларини “Orianna yarns textile” МЧЖга инвестиция киритиш шарти билан “нол” харид қийматида берилиши ҳисобига 3644 млн. сўмлик ўз маблағларини лойиҳага йўналтириш эвазига 150 та;

Наманган шаҳридаги бўш турган ер майдони негизида “Текстиль либос” МЧЖ томонидан тикувчилик фаолиятини йўлган қўйиш учун жами 3,0 млрд. сўм инвестиция ҳисобига (ўз маблағи 1,0 млрд. сўм, тижорат банки кредити 2,0 млрд. сўм) 100 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Дастурда Навоий, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги эркин иқтисодий зоналарда транспорт, қурилиш, ижтимоий инфратузилма тармоқлари билан узвийликда янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали иш ўринлари ташкил этилишига эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, Ангрен эркин иқтисодий зонаси ҳудудида “Гонгконг техноложи КоЛТД” хорижий корхонаси томонидан қиймати
7,1 млн. АҚШ долларига тенг бўлган декоратив керамик плиткалар ва сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасида 350 та иш ўринлари ташкил этилади.

Ургут ва Ғиждувон туманлари ҳамда Қўқон шаҳрида ташкил этиладиган эркин иқтисодий зоналар бу борадаги имкониятларни янада кенгайтиради.

Бундан ташқари бошқа йўналишларда Бойсун туманида Фармацевтика маҳсулотлари ҳамда Янгиер шаҳрида кичик саноат зонаси ташкил этиш бўйича қарор лойиҳалари тайёрланмоқда.

Шунингдек, Дастур доирасида норасмий секторда ишлаётган фуқароларни расман ишга олинишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бунда, берилган имкониятларни иш берувчиларга тушунтириш орқали иш ўринларини ташкил этиш ва легаллаштириш имкониятларидан кенг фойдаланилади.

Иккинчидан, Дастур лойиҳасига мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, улар томонидан меҳнат шартномалари асосида қўшимча ходим ёллаш ҳисобига – 97,7 минг кишининг бандлиги таъминланади;

Учинчидан, аҳолини қишлоқ хўжалиги, хусусан пахтачилик (пахтани чопиқ қилиш, чеканка, йиғим – терим ишларида), ғаллага ишлов бериш, бегона ўтлардан тозалаш, пиллачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш ва консервалашда, хусусий сектордаги уй-жойлар қурилиши, шунингдек, йўл қурилиши, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларидаги мавсумий ва вақтинчалик ишларда йиллик ўртача ҳисобда 199,1 минг кишининг бандлиги таъминланади.

Ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик ҳамда шахсий ёрдамчи деҳқон ва томорқа хўжаликларида, ўзи-ўзини банд қилиш орқали 308,6 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлашга эришилади.

Корхоналарни оптимизациялаш банкрот қилиш ва тугатиш, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорликда 205 мингта иш ўринлари тугатилиши ҳамда меҳнат бозорида 133,1 мингта иш ўринлари табиий (ходимларни пенсияга чиқиши, вафот этиши, кўчиб кетиши натижасида) бўшаши ва 136,7 мингта вакант иш ўринлари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда 2017 йилда ишсизлик даражасини халқаро стандартларга кўра мақбул бўлган 5-6 фоиз атрофида сақлаб қолиш имконини беради.

Тўртинчидан, Иқтисодиёт вазирлиги, тижорат банклари ҳамда тегишли вазирлик, идоралар билан биргаликда ҳудудлардаги ички имкониятлар ўрганилди ва уларни ишга солиш мақсадида меҳнат бозоридаги вазият мураккаб бўлган
34 туманда махсус чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида “Аҳолини иш билан таъминлаш биз учун нафақат иқтисодий, айни пайтда катта ижтимоий аҳамиятга эгадир. Ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, иш берувчи ташкилотлар билан бир қаторда банк муассасалари ҳам бу ишга янада фаол жалб этилиши керак. Аҳоли бандлигини ҳал этишда туризмни ривожлантириш бўйича катта имкониятларни ҳам ишга солишимиз лозим” деб таъкидлаб ўтдилар.

Дастур доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан 15,8 трлн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш белгиланган. Бу эса 2016 йилга нисбатан 25 фоизга кўп.

Хусусан, ажратиладиган кредитларнинг салмоқли қисми Миллий банк (2 385,4 млрд.сўм), Асакабанк (1 546,8 млрд сўм), Агробанк (1 312,9 млрд сўм), Халқ банки (1 250,8 млрд сўм), Ипотекабанк (1 144,4 млрд сўм), Микрокредитбанк (1 131,5 млрд сўм), Ўзсаноатқурилишбанки (1 121,6 млрд сўм) ҳиссасига тўғри келади.

Дастурда нафақат дунёга танилган тарихий марказларимиз бўлмиш Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон шаҳарларида туризм инфратузилмасини ривожлантирибгина қолмасдан, олис ва тоғли ҳудудларда туризм ва экотуризмни ташкиллаштириш, доривор ўсимликларни етиштириш, йиғиш ва қадоқлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Бу борада ҳозирда Сурхондарё вилоятининг Бойсун ва Узун туманлари ички имкониятлари ўрганилиб, туризмни ривожлантириш бўйича катта имкониятлар мавжудлиги аниқланди, шу асосда ушбу туманларни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилмоқда.

Бунда, тоғ олди ҳудудларидаги қишлоқларда 10-15 та хонадонларда сайёҳларга хизмат кўрсатиш уйлари (гостевой домлар) ташкил этилиб яъни уйнинг битта ёки иккита хонаси деворлари сўзана, адрас билан безатилиб, кўрпача тўшалиб, хонтахта қўйилиб, туалет ва ошхонанинг санитар ҳолатлари тартибга келтирилиб, чет эллик сайёҳларга табиий манзараларни кўрсатиш билан бирга  нон ёпиш, миллий таомларни тайёрлаш, миллий урф-одатлар билан таништириш каби хизматлар кўрсатилиши режалаштирилмоқда.

Бу эса чет элдан келадиган сайёҳлар оқимини янада кенгайтириш имконини беради. Бу сингари кичик лойиҳаларни молиялаштириш учун унчалик катта маблағ талаб этилмасада кўплаб иш ўринлари яратиш имкониятларини беради.

Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Савдо саноат палатаси, янги ташкил этилган Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва тижорат банклари билан бирга ушбу қишлоқлардаги ёшлар ва аҳоли учун сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш режалаштирилиб, видеоқўлланма тайёрланмоқда.

Бешинчидан, Дастурни амалга ошириш доирасида таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Дастурга мувофиқ, янги яратиладиган, мавжуд бўш (вакант) ва заҳира қилинадиган (квота) иш ўринларига касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг қарийб 508,8 минг нафар битирувчисини ишга жойлаштириш мўлжалланган.

Ҳар бир туман ва шаҳар кесимида битирувчилар яшаш манзили, олаётган мутахассислиги, ҳудуддаги имкониятлар ва ушбу ҳудудда яратилаётган иш ўринларининг йўналишлари билан боғлаб чиқилди.

Айни пайтда, 2017 йилги асосий вазифаларимиз сифатида:

- битирувчиларни бириктириш ишларини пухта ташкил этиш;

- битирувчилар бандлигини таъминлашда янги самарали шакллар ва услубларни давом эттириш;

- битирувчилар бандлигини таъминлашда белгиланган имтиёзлардан кенгроқ фойдаланиш;

- битирувчиларга ўз бизнесини ташкил этишлари учун микрокредитлар ажратиш амалиётини давом эттириш, 2017 йилда 24 мингдан ортиқ битирувчига
350 млрд. сўм маблағ йўналтириш белгиланган.

Дастур доирасида Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан 275 минг нафардан ортиқ банд бўлмаганларнинг бўш, заҳира ва янги иш ўринларига ишга жойлашишларида кўмаклашилади, 420 минг нафар фуқарога меҳнат қонунчилиги бўйича бепул маслаҳатлар берилади.

Шу билан биргаликда, банд бўлмаганларга, биринчи навбатда ёшлар ва хотин-қизларга касбга қайта тайёрлаш хизматлари кўрсатилади.

Бунда, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари имкониятлари ишга солинади.

Биргина Тошкент шаҳридаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказида бугунги кунга қадар 2 минг нафардан ортиқ банд бўлмаган фуқаролар автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, металларни қайта ишлаш, электротехника, ахборот-комуникация технологиялари йўналишларида касб-ҳунарга қайта ўқитилди ва тўлиқ ишга жойлаштирилди.

2016 йил сентябрдан ўз фаолиятини бошлаган Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 4 та йўналиш бўйича 240 нафар банд бўлмаганлар касбга қайта ўқитилмоқда.

Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этиладиган ўқув марказининг лойиҳалаштириш ишлари якунланиб, қурилиш ишлари бошланди ва бу марказ 2018 йилда ишга туширилади. Урганч ва Қўқон шаҳарларида худди шундай ўқув марказларини 2019 йилда ташкил этиш бўйича Корея Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (KOICA) билан келишилди, ҳозирда битим имзолаш жараёнида, Бухоро ва Термиз шаҳарларида эса 2020 йилда ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Яна бир муҳим йўналиш бу Ташқи меҳнат миграцияси масаласи, Бунда биринчи Президентимиз томонларидан белгилаб берилган 5 принцип асосида (иш жойи ва меҳнат шароити, иш ҳақи, турар жой билан таъминлаш, малакали тиббий хизмат, хавфсизлиги таъминланганлиги) четга ишлаш учун юбориш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда. Польша, Япония, Россия давлатларининг йирик иш берувчилари билан музокаралар олиб борилиб, битим имзолаш чоралари кўрилмоқда.

Дастурга мувофиқ, барча ҳудудларни қамраб олган ҳолда, банд бўлмаган аҳоли, коллеж ва олий таълим муассасалари битирувчилари ва мигрантлар учун 1000 дан ортиқ ярмаркалар ташкил этиш режалаштирилган.

Ушбу ярмаркалар сифати ва натижадорлигини янада ошириш мақсадида 2 та йўналишда, яъни ёшларга бизнесни бошлаш ва ишга жойлашиш имкониятларига алоҳида эътибор берилади. Ярмаркани ўтказиш тўғрисида 1 ой олдин туман ҳокимининг қарори қабул қилиниши ва оммавий ахборот воситалари орқали эълон (реклама) берилиши, иш берувчилар билан олдиндан ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, ярмаркалар жорий этилган янгича тизим орқали бевосита коллежлар ва саноат майдонларида ташкил этилиб, битирувчилар ўша жойнинг ўзида иш берувчиларга меҳнат кўникмалари ва маҳоратларини кўрсатиш имкониятлари ҳам яратилиб берилмоқда.

Мисол учун, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Тошкент, Хоразм вилоятларидаги йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш майдонларида ташкил этилган ярмаркаларда битирувчиларга иш берувчилар олдида ғишт териш, бўёқчилик ва пайвандлаш ва тикувчилик бўйича маҳоратларини намойиш этишди ва жойида ишга қабул қилинди.

Бундан ташқари, интернет тармоғида янги интерактив хизматлар жорий этилиб, келгусида янада такомиллаштирилади. Меҳнат вазирлиги mehnat.uz сайтида ташкил этилган интерактив хизмат орқали маҳалла раислари ва коллеж директорларига ўзининг маҳалласи ёки ўқув муассасасида ярмарка ўтказишга Буюртма бериш, фуқароларга ишга жойлашиш бўйича инспектор маслаҳат бериши учун аҳолига мақул вақтда таклиф этилиб ва вазирликнинг 24 соат давомида ишлайдиган call-markazi (200 06 00 рақами орқали) фаолияти йўлга қўйилиб, фуқаролар учун онлайн маслаҳат бериш имкониятлари яратилди.

2017 йилда аҳоли бандлиги Дастури ижросини таъминлаш ва мониторингини амалга оширишда қуйидаги чоралар кўрилади.

Биринчидан, вилоят ва туман ҳокимлари бошчилигидаги Ишчи комиссиялар фаолияти "Аҳоли бандлиги дастури бажарилишини мувофиқлаштириш бўйича ишчи комиссиялар тўғрисида"ги янги қабул қилинган низом асосида янада кучайтирилади.

Иккинчидан, иш ўринларини ташкил этилганлигини ҳаққонийлигини таъминлаш борасида қўшиб ёзишларга чек қўйиш мақсадида муҳрлар билан тасдиқланган маълумотлардан воз кечилиб, ташкил этилган иш ўринлари ҳисоби Солиқ қўмитаси ва Халқ банкининг электрон ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда ИНН ва ИНПС рақамлари орқали амалга оширилади.

Учинчидан, хусусий секторни меҳнат бозирида ишга жойлаштириш хизматларини кўрсатишга жалб қилиш мақсадида рекрутинг хизматларини ташкил этиш ва келгусида ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда "Рекрутинг фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш;

Тўртинчидан, ёшларимиз 16 ёшга тўлганида фуқаролик паспортини олиш билан бирга солиқ идоралари томонидан ИНН рақамлари, Халқ банки филиаллари томонидан ИНПС рақамлари олишни амалга оширишни қонунчиликка киритиш;

Бешинчидан, ишсизларни касбга ўқитиш ҳажмларини
15,0 мингга кўпайтириш ва банд бўлмаган коллеж битирувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга қайта ўқитиш орқали уларнинг иш билан тўлиқ таъминланишига эришиш (бунинг учун 15,1 млрд сўм маблағ талаб этилади).

Олтинчидан, норасмий меҳнат қилаётган фуқароларнинг кичик бизнесга жалб этиш жараёнларини кенгайтириш. Кичик бизнесга берилган имтиёзлардан кенг фойдаланган холда солиқ идоралари билан биргаликда иш жойларини легаллаштириш чораларини кўриш орқали ушбу фуқароларнинг келгусида пенсия ёшига етганда ижтимоий ҳимоясини кафолатлаш.

Еттинчидан, банд бўлмаган аҳолига интерактив хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш, бунда вазирлик mehnat.uz сайтидаги бўш иш ўринлари маълумотлар базасини шакллантириш жараёни тубдан ўзгартирилди.

Қонунчиликка мувофиқ бўш иш ўринлари базасига маълумотлар фақат йирик корхоналар ва бюджет ташкилотлардан олинган маълумотлар ҳисобига шаклланар эди. Эндиликда, Савдо-саноат палатаси ёрдами, маҳаллий ҳокимликларнинг бевосита кўмаги билан кичик бизнес субъектларидан ихтиёрий равишда уларни тадбиркорлик фаолиятига аралашмаган ҳолда улардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базага киритиш йўлга қўйилди.

Жорий йил 1 декабрь холатига базага киритилган вакант иш ўринларининг 35 % хусусий бизнес субъектлари хиссасига тўғри калади ва йил якунига қадар ушбу кўрсатгични 50 % га етказишни олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

Саккизинчидан, Дастур ижроси кенг жамоатчилик назорати, биринчи навбатда маҳаллий депутатлар томонидан ташкил этилади. Бу борада ҳурматли депутатларимиз ва сенаторларимиз кўмагига ҳам таянамиз.

Ҳурматли сенаторларимиз билан биргаликда доимий ишларни ташкил этиб, мониторинг натижалари бўйича депутатларимиз ва сенаторларимизга ҳар чоракда доимий равишда батафсил ва танқидий ахборот киритиб борамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, тақдим этилаётган дастур бўйича берилган таклиф ва тавсиялар учун ҳурматли сенаторларимизга, Сенат масъул Қўмиталари ва бўлимларига чуқур миннатдорчилик билдирамиз ва киритилган 2017 йил Дастури лойиҳасини қўллаб-қувватлашингизни сўраймиз.

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат вазирлиги Ахборот хизмати