Аввалом бор, барчангизни бугунги муҳим тадбир, ушбу анжуман билан самимий қутлайман!
 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонларидан тасдиқлаб берилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишга бағишлаб, “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” мавзусида ўтказилаётган мазкур анжуман, барча вазирлик ва идоралар қаторида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирилиги учун ҳам юксак аҳамиятга эга бўлган муҳим воқеа ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари томонларидан илгари сурилаётган “Ҳаракатлар стратегияси”нинг 4-йўналиши, яъни “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устивор йўналишлари”да биринчи навбатда Аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Дарҳақиқат, ушбу масалада юртбошимиз томонларидан қуйидаги аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Биринчидан, аҳолининг реал даромадларини ва харид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сонини ва аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини камайтириш.
Иккинчидан, бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсия стипендия ва ижтимоий нафақалар ҳажмини инфляция суръатларидан юқори миқдорда изчил ошириш.
Учинчидан, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилмасини ривожлантириш, ишсизлик даражасини камайтириш.
Тўртинчидан, меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун шароитлар яратиш, иш кучи сифатини яхшилаш, ишга муҳтож шахсларни касбга қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш.

Ҳурматли ҳамкасблар, азиз дўстлар,

Албатта, бу масалада кўзланган мақсадларга эришиш учун мутасадди вазирлик ва идорлар ҳамда яқин кўмакдош ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда самарали иш олиб бориш ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Шу боисдан, мамлакатимизда 7 млн.га яқин аъзоси бўлган ижтимоий шеригимиз ҳисобланган Ўзбекистон касаба уюшмалари билан аҳоли бандлиги ва меҳнатга оид масалаларда ижобий натижаларга эришилмоқда.
Ўзаро ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириш, уни янги босқичга кўтариш ва меҳнат муносабатлари, жумладан аҳоли бандлик даражасини ошириш, меҳнат муҳофазаси ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратишга қаратилган вазифаларни амалга оширишда бирлашиш ҳар томонлама аҳамиятли ҳисобланади.
Бу йўналишда, жорий йил 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2017-2019 йиллар учун имзоланган Бош Келишув ўзаро ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг муҳим ҳужжати бўлиб хизмат қилади.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур Келишув асосида томонлар:
давлат, иш берувчи ва ходимларнинг ижтимоий масъулияти муҳимлигини эътироф этган ҳолда, ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш борасида ўзаро амалий ҳамкорлик қилиш;
аҳоли ҳаёт даражасини мутассил ошириш, жамиятда ижтимоий тотувлик ва барқарорликни сақлаш учун самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ижтимоий шериклик тамойилини амалга ошириш;
ижтимоий-иқтисодий масалалар хусусида келишиб сиёсат олиб боришнинг умумий принципларини белгилаб олиш мақсадида ўз зиммаларига аниқ йўналишлар бўйича мажбуриятларни олдилар.
Ҳамкорликдаги ишларимизга назар ташлайдиган бўлсак, бу меҳнат қонунчилиги бўладими, халақаро муносабатлар бўладими, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси ёки меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўладими Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ўрни беқиёс албатта.
Шунга кўра, Бандлик органлари ўз вазифаларини бажаришда Касаба уюшмаларининг кенг қамровли бошланғич ташкилотлари орқали барча иш берувчилар ва ходимларгача етиб бориш имкониятига эга бўлишмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари ва Савдо-саноат палатаси билан халқаро муносабатлардаги ўзаро ижтимоий шерикчилик натижалари жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини 2015 йил 
11 октябрда Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош кенгашининг қарори билан жаҳоннинг барча қитъаларидаги 162 та давлатнинг 
176 млн.дан ортиқ касаба уюшма аъзоларига эга бўлган 328 та миллий касаба уюшма марказини бирлаштирган энг йирик Конфедерацияга ассоциациялашган аъзо сифатида қабул қилиниши, халқаро ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш имконини бериши билан ғоятда аҳамиятли ҳисобланади.
Яна бир муҳим воқеа, ижтимоий шерикликда бирлашган ҳолда иш тутилиши жараёнида халқаро меҳнат стандартларини миллий қонунчилигимизга мувофиқлаштириш йўналишида Халқаро меҳнат ташкилотининг 14 та, жумладан 8 та асосий конвенцияларини Ўзбекистон томонидан ратификация қилиниши таъминланди. 
Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатлари билан 2016 йил 25 октябрь куни «Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини (Сан-Франциско, 1948 йил 9 июль) ратификация қилиш ҳақида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан олиб борилган ҳамкорликдаги ишлар натижасида Ўзбекистонда эришилаётган ютуқлар халқаро ҳамжамиятда чуқур эътироф этилиб, ушбу нуфузли ташкилотнинг Бош директори Гай Райдер томонидан Ўзбекистон меҳнат муносабатлари соҳасида кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари, Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидек, инсон манфаатларини энг устивор вазифамиз деб билиб, ўлаймизки бундан кейин ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари билан янада мустаҳкам бирлашган ҳолда кенг қамровли ҳамкорликдаги ишларимиз давом эттирилади.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги кунда нафақат мамлакатимизда, балки бутун жаҳон ҳамжамиятида юксак нуфузга эга бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ҳамда барча ташкилотчиларга чуқур миннатдорчилик билдираман.
Ватанимиз равнақи, юртимиз тараққиёти ва халқимизнинг фаровон турмуш даражасини янада юксалтириш йўлидаги ишларда барчаларингизга муваффақиятлар тилайман.

Эътиборларингиз учун ташаккур.