test
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тизими
ходимларининг «Одоб-ахлоқ» қоидалари
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тизими ходимларининг «Одоб-ахлоқ» қоидалари (кейинги ўринларда «Одоб-ахлоқ» қоидалари деб аталади) эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар Меҳнат вазирлиги тизими ходимларининг (кейинги ўринларда “ходимлар” деб аталади) касбий ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворнинг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.
2. «Одоб-ахлоқ» қоидалари ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, давлат хизматчиларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.
3. Меҳнат вазирлиги ва тизим ташкилотларига ишга кираётган шахслар «Одоб-ахлоқ» қоидалари билан имзо қўйдирган ҳолда таништирилиши шарт.
4. Ходимлар қонун ҳужжатлари ва «Одоб-ахлоқ» қоидалари талабларига риоя этишлари шарт.
«Одоб-ахлоқ» қоидаларига риоя этиш ходимнинг касбий фаолиятини ва хизматдаги ҳулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.
II. Ходимларнинг хизматдаги хулқ-атворининг асосий принциплари ва мажбуриятлари
5. Ходимлар ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:
қонунийлик;
фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;
давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;
адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;
манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.
6. Меҳнат вазирлиги ва тизим ташкилотлари ходимлари қуйидагиларга мажбур:
хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;
ўз хизмат вазифларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;
юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш;
ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларда белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;
ўз хизмат вазифаларини амалга оширишда бирор шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;
ўз хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини виждонан бажариш;
ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериш;
Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;
ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки давлат органининг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;
хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик;
ходим ёки ходимга алоқадор бошқа шахс томонидан Меҳнат вазирлигининг муҳри, расмий бланкларидан фойдаланган ҳолда муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрламаслик;
ишда юқори профессионал бўлишга бор кучини сарфлаш, қўйилган вазифаларни ҳал этишда қулай ва тежамкор усулларни қўллаш, ўзига бириктирилган давлат мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, ундан мақсадга мувофиқ ва самарали фойдаланиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар қандай шаклдаги (ёзма, оғзаки, электрон) ва турдаги (ариза, шикоят ва таклиф) мурожаатларини кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўймаслик, белгиланган муддатларда улар бўйича зарур чораларни кўриш;
иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш дастур параметрларини бажаришда қўшиб ёзмаслик ва юқори турувчи ташкилотга нотўғри маълумот бермаслик;
компьютерда иш фаолиятига тааллуқли бўлмаган маълумотлар (диний экстремистик ва террористик гуруҳ фаолиятига оид варақалар, даъватлар ва ҳ.к.) тайёрламаслик ва сақламаслик, ҳар хил ўйинлар ўйнамаслик;
оммавий ахборот воситалари ва унга тенглаштирилган ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда амалдаги конституциявий тузум ва Меҳнат вазирлиги шаънига зарар етказувчи ҳар қандай шаклдаги материалларни тарқатмаслик;
Давлат органларига хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш.
7. Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар ходимларнинг қонун ҳужжатлари талабларини ва «Одоб-ахлоқ» қоидаларини бузиш учун асос бўла олмайди.
8. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланади.
9. Ходимлар коррупция ҳолатларига қарши курашиш ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.
Ходимлар ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини уларни ҳуқубузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек, бошқа давлат хизматчилари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида ўрнатилган тартибда хабардор қилишлари шарт.
Меҳнат вазирлиги ҳудудий бошқармалари ва тасарруфий ташкилотлари раҳбарлари жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонунчиликнинг бузилиши фактлари тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ва мурожаатдаги танқиди, худди шунингдек, бошқача шаклда танқид қилинганлиги учун ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўйилмаслигини таъминлаши керак.
10. Ходимлар касбий фаолияти давомида ўзларига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришлари шарт, ошкор этилганлиги учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
11. Меҳнат вазирлиги марказий аппарати бошқарма (бўлинма) бошлиқлари, ҳудудий бошқармалари ва тасарруфий ташкилотлари раҳбарлари ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, жамоада маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши, бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.
Раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак, шунингдек раҳбар гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиш лозим. Раҳбар:
манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриш;
коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш;
ходимларни самарали бошқариш, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт. Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) йўл қўйилмаслиги чораларини кўрмаганлиги учун жавоб беради.
12. Ходимлар ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа ходимлар билан ўзаро ишчанлик ва амалий ҳамкорлик қарор топишига даъват этилади.
Ходимлар хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт, шунингдек ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиши ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.
Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда, ходимларнинг ташқи кўриниши фуқароларнинг давлат органига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.
13. Ходимлар хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган «Одоб-ахлоқ» нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги керак.
III. Манфаатлар тўқнашуви
14. Ходимлар ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари шарт.
Манфаатлар тўқнашуви ходимларнинг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини ҳолисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.
Ходимларнинг шахсий манфаатлари уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзаликка эга бўлишни ўз ичига олади.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ходимлар ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак.
Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
15. Ходимларнинг хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши таъқиқланади, гарчи унинг тадбиркорлик фаолияти вазирлик тизими манфаати билан боғлиқ (тегишли) бўлса.
Ходимлар ўзларининг ўз хизмат вазифаларини ситқидилдан бажариши ёки хизмат вазифаларига зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги керак.
Ходимлар ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.
Ходимлар ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиш тўғрисида хабардор қилиши шарт.
16. Ходимлар лавозимига тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришга таъсир кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиш имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.
17. Меҳнат вазирлиги тизими ходимлари лавозимига тайинланаётганда ўзаро қариндош ёки қуда-анда (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари) бўлган шахслар фаолияти вертикал тартибда бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган бир тизим (бошқарма, бўлим ёки бўлинма)да ишлашлари мумкин эмас.
IV. «Одоб-ахлоқ» қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
18. Ходимлар томонидан «Одоб-ахлоқ» қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.
19. Ходимлар томонидан «Одоб-ахлоқ» қоидаларига риоя этилиши аттестация (суҳбат)лар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар заҳирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.
20. Ушбу «Одоб-ахлоқ» қоидалари нормаларнинг бузилишлари махсус таркибий бўлинма ёки «Одоб-ахлоқ» комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Бунда:
«Одоб-ахлоқ»нинг комиссияси, махсус таркибий бўлинма мавжуд бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тизими ходимларидан камида 5 кишидан иборат таркибда тузилади. «Одоб-ахлоқ» комиссиясининг мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва унинг фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалалари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири томонидан тасдиқланган «Одоб-ахлоқ» комиссияси тўғрисидаги Низомда белгиланади;
«Одоб-ахлоқ» қоидаларининг бузилиши ҳолатлари махсус таркибий бўлинма ёки «Одоб-ахлоқ» комиссияси томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарзда қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади;
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тизимидаги раҳбарларнинг кўриб чиқиши учун қоидалар бузилишини содир этган ходимни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилади;
Йўл қўйилган қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, «Одоб-ахлоқ» комиссияси ходимга нисбатан «Одоб-ахлоқ» қоидаларининг бузилишига йўл қуймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланади;
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тизими ходимлари ўзлари йўл қўйган қоида бузилиши, кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш ҳуқуқига эга.